
Учрашувда томонлар ҳамкорликнинг асосий йўналишларини, хусусан, жамият ҳаётининг турли соҳаларида ёш хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Жорий йилнинг 8-10-апрел кунлари Тошкент шаҳрида ЙХҲТнинг “Гендер тенглик йўлида инноватсиялар ва тармоқ интегратсияси орқали комплекс хавфсизликни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Тинчлик йўлида ёш аёллар ташаббуси: Марказий Осиё ёш аёлларни қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги ўқув-маърифий тадбир якунларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, гендер тенглик соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди ва келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Лара Скарпитта Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, жамиятни ўзгартириш жараёнида парламентнинг роли ортиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, у инсон ҳуқуқлари ва демократик ўзгаришлар соҳасидаги умумий мақсадларга эришиш учун ЙХҲТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни яна-да ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар гендер тенгликни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни, айниқса ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма ташаббус ва лойиҳаларни давом эттириш ниятини тасдиқлади.





