
Жумладан, Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова ҳамда Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Кобул Турсунов Европа парламенти ва Белгия Сенати томонидан ташкил қилинган “Гендерга нисбатан сезувчан парламентлар” мавзусидаги семинарда иштирок этишди.

Тадбирда Европа парламенти, Белгия Сенати, Германия Бундестаги, Литва Сейми, Чехия парламенти Депутатлар палатаси аъзолари ҳамда Гендер тенглик бўйича Европа институти директори ва Европа Иттифоқининг “Интер Парес” лойиҳаси раҳбари қатнашди.

Семинарда Ўзбекистон бугунги кунда гендер тенгликни таъминлашда етарли тажрибага эга экани, соҳада қонунчилик мустаҳкамланиб, яна-да такомиллашгани, самарали механизмлар яратилгани ҳамда бунда парламентнинг фаол иштироки эътироф этилди.
Хусусан, Европа парламенти витсе-президенти ва гендер тенглик бўйича юқори даражадаги гуруҳ аъзоси Николай Стефанута шу йил
6-9 апрел кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи чоғида мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлардан таъсирланиб, Янги Ўзбекистон бугунги кунда очиқ, шаффоф ва демократик йўлда бораётганига иқрор бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, Европа парламенти Ташқи ишлар қўмитаси раиси ўринбосари Хана Жаллоул ушбу семинар давомида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини, қонунчилик такомиллашиб бораётганини ва мамлакат тажрибаси бошқа давлатларга фойдали бўлишини қайд этиб, юртимизга ташриф буюриш ниятида эканини билдирди.
Семинар давомида Европа парламенти фаолияти, механизмлари ва динамикаси билан танишилди, шунингдек, Европа Иттифоқи ҳамда Ўзбекистонда гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ўзгаришлар ҳамда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида қонун ижодкорлиги ва назорат тадбирлари, жамоатчилик иштироки ҳамда гендер аудит бўйича амалий тажриба алмашилди, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни яна-да ривожлантириш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.





