Тадбир минтақа мамлакатлари парламентлари, халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази вакиллари, экспертлар ва фаол хотин-қизларни бирлаштирди.

Форум доирасида Тожикистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига раислигининг расмий очилиши ҳам ўтказилди.
Форумнинг асосий мақсади музликларни ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва аёлларнинг экологик жараёнларга қўшган ҳиссасини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат.

Форум иштирокчилари иқлим ўзгариши, музликларни сақлаб қолиш ва янги экологик шароитларга мослашиш масалаларида аёлларнинг асосий ролини таъкидлади.
Сенатор О. Козихонова ўз чиқишида Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини таъкидлади. Айниқса, экологик ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга оширишда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчилик ташаббуслари, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ва амалий чораларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, сенатор Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасини тиклаш бўйича ташаббуслари ҳақида гапириб, глобал исиш шароитида табиий ресурсларни барқарор бошқаришда аёлларнинг муҳим ролини таъкидлади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг экологик кун тартибини шакллантиришдаги фаол иштирокига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Душанбега ташриф доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон парламентлари вакилларининг Мажлиси Оли Мажлиси намояндагон раиси Файзали Идизода билан жамоавий учрашуви ўтказди.

Парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва Етакчи аёллар мулоқоти доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Душанбе форуми долзарб иқлим муаммоларини муҳокама қилиш ва гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдонга айланди




